Тирилиш

Category: Poetry
Касал бўлдим...
Қўшни аптеканинг
Бор дорисин ичиб битирдим.
Борган сари оздим, борган сари
Қони қочди сўлган бетимнинг.
Толиқтирди мени ой сайин
Диққатчилик, кўнгил армони;
Менга керак, ҳаммадан аввал,
Жон дармони, юрак дармони.
Буни сезди зийрак ҳамшира,
Ўлчади у юрак кучини;
Дори каби нозли қарашин,
Табассумин менга ичирди.
Яширмайман, балки, танимда
Турли-туман дардларим бордир.
Қайси дарднинг менда зўрлигин
Доктор билар — унга ошкордир.
Раҳмат, сенга шу нозинг учун,
Ширин сўзинг учун, гўзалим!
Одам килдинг шу билан қайта,
Тирилтирдинг шу билан қалбим.
November 02, 1943