Фаруқ ота тўқсонга кирди.
У уйқудан бир кун уйғониб
Ултирарди қўллари билан
Бошин ушлаб узоқ ўйланиб;
Чол пичирлар; „Кўп яшадим, бас,
Оз-моз уят лозим одамга.
Гўр-капанни ўйлашим керак,
Бўлмайман-ку, устун оламга.
Вақт келди дунё лаззатин
Меҳнатларин четга ташлайин.
Тўшагимга ётиб тинчгина
Сўнгги кунни ўйлай бошлайин“.
Буюрай деб устага тобут
Чиқиб кетди, шу бўлди чора.
Сартарош ва тобутчи уста
Эшиклари эди рўпара.
Тобутсознинг остонасига
Бурилганда, чап ёқ эшикдан
Қизил махси, оқ халат кийиб,
Чиқиб қолди бир қиз келишган.
Кўзларида ёшлик чиройи!..
Қандай юрак кўрса суюнмас!
Тиз чўкмайди қандай кексалик,
Қандай ўлим ортга чекинмас!
Қиз қараши ўтдай ёндирди
Тўқсон ёшлик тўнгган юракни.
Қиз сўз отди кулимсираб шўх:
— Хўш,отахон! Тобут керакми?“
— „Йўғ-э, қизим тобутга эрта,
Ўлим ҳали тутмас ёқамни.
Соқол ўсиб кетибди,
Тузатгани келдим соқолни...“
1943