Дилбар куйлаб кўйлак тикади,
Қўлларида кумуш игнаси,
Куйлар эмас, еллар етолмас,
Йироқ ерда кўйлак эгаси.
Қўл югурар ипак сатинга,
Соғиниш бор ўйчан юзида.
Худди чокдай чизилиб қолар
Юрак сири игна изида.
Ипак билан ёқасин қавиб,
Ишлатган бор маҳоратйни.
Шу кўйлакка бергандай бутун
Қалбин меҳр ҳароратини.
Қадаган ҳар игна изига
Оз томдими унинг кўз ёши.
Ёш йигитнинг мана шу кўйлак
Бўлмасмикан йўлда йўлдоши?
Дилбар куйлаб кўйлак тикади:
„Кўйлаккинам эгасин топсин.
Шу кўйлакни кийиб йигитим,
Урушдан соғ ва ғолиб қайтсин".
Безар... мана кўйлак ҳам тайёр,
Яна безар попуклар тақиб.
Севинчидан Дилбар жилмаяр
Ўз ишига суқланиб боқиб.
Деразадан мўралар қуёш,
Кўк кўйлакка тушар шуъласи.
Қуёш каби кўйлак ичидан
Курингандай йигит гавдаси.
Биров кирди уйга шошилиб
Ва хат берди Дилбарга шу он;
„Ҳалок бўлди жангда севганинг,
Ботирларча жон берди ўғлон“.
Дилбар қотиб қолди ҳайкалдай,
Қони қочди юпқа лабидан.
Гўё қалби тўхтади, қўли —
Қимирлайди гўёки елдан.
„Ишонмайман“ — чиқди товуши
Дир-дир титраб қалбидан бирдан.
Икки томчи ёш думалади
Гулдек нозик киприкларидан.
Ундан кейин пухталаб ўраб
Кўк кўйлакни, тикка ўша дам —
Олиб борди яқин почтага
— „Олинг, деди, бу менинг совғам!"
„У ўлган-ку, юборамизми?“ .
„Юборинглар ўлган бўлса ҳам!
Кийдиринглар бу кўк кўйлакни,
Танин тупроқ кўмгаи бўлса ҳам.
Бу кўйлакни кийса тирилар.
Кўйлак ёқар юракда ўтни.
Мен севаман уни чин қалбдан,
Мен кутаман ўша йигитни..."
Хўп дедилар. Бу севган қизнинг
Айтганлари тўғри туюлди.
Ва кўйлакни элтиб йигитга
Кийдирдилар...
Йигит тирилди.
Қуёш чиқар, Дилбар соғиниб
Кутар эди ойна ёнида.
Йи^ит қайтар қуёшдай порлаб,
Кўк кўйлаги ботир эгнида.
— Эртакми бу?
— Эртак,
Айт менга,
Сен эмасми олиб кўнглимни,
Сен ’эмасми ишқ нури билан
Ёруғ қилган ҳаёт тонгимни?
Оз кўрдимми окопларимда
Мен ўлимнинг қалтис ўйнашин,
Сақлаб қолли юз бор ўлимдан ,
Сенинг севгинг, севгинг оташи.
Юз ўлимдан қолдим, соф ишқинг
Ҳаёт берди қайтадан менга.
Ёшинг билан тиккан кўйлагинг
Кийиб келдим мана ёнингга.
October 1943