Пўлат

Category: Poetry
Пўлат ана шундай тобланди. Н. Островский
Мўйловимни ҳали қирмасдим,
Бултур уйдан чиқиб кетганда.
Олтмиш яшар чолнинг бир умр
Кўрганлари ҳозир елкамда.
Бу бир йилги кўргиликларим
Мендан бўлак кўрмади ҳеч ким.
Йигирмада ажинлар тушди,
Йигирмада оқарди сочим.
Бу порохли, қонли, ёшли йил
Оғирлиги тушди оёққа;
Қаддим букди, йигирма ёшда
Мен суяндим ахир таёққа.
Тополмайсиз ҳозир кўзимда
Ёшлигимнинг ўйноқилигин.
Ғам юкидан қовоғим осик,
Кўнгил қўйган энди шўхлигин.
Юрак қотди, ёшлигимга ёт
Юзларимда вазмин ўйчанлик.
Ёшлик ёнди қуруқ порохдай!
Умри бўлди унинг уч ойлик.
Ёшлик, қани ойдин тунларинг?
Кайда сенинг „мовий кўзларинг?‟
Дон бўйида зах окопларда
Қолиб кетди олов изларинг.
Булбул севган сокин тонг эмас,
Довулли тун сени бндирди;
Енгиб олган маррада сени
Қонли байроқ қилиб қолдирдим.
Афсус қилар, дея, ўйламанг!
Мен шод кўрсам ғолиб элимни,
Агар юзга кирсам — барини
Унинг учун бермас эдимми?!
Ёшлик баланд кжсалмоқ учун
Берилгандир унга қанотлар!
Қўмсар уни қалбдан кексалар,
Асрларча тарих ҳам сақлар.
Ўтни, сувни кечиб, инсонга
Биз келтирдик буюк ҳақиқат.
Бизнинг ёшлик ана шундай ўтди,
Ана шундай тобланди пўлат.
September 30, 1943