Бўрилар

Category: Poetry
Кишилар қон тўкиб уришар,
Қуритилар мингларча ҳаёт.
Искаб юрар тунда бўрилар,
Яқин келиб улишар бот-бот.
Қанча қону, қанча от гўшти!..
Ялтирайди бўри кўзлари,
Буларни тун бўйи қийратган
Кишиларнинг ахир ўзлари.
Бўриларнинг пири, каттаси
Кўзи тиниб киши қонидан,
Тўхтаб қолди исканиб бирдан,
Бир ярадор киши ёнида.
Ииграб ётар эди ярадор...
Суянчиғи бўлди оқ қайин:
Унинг ҳолин кўриб, бошида
Тебратарди шохларин майин.
Раҳми келиб йигитга, йиғлар
Гул-лолалар эгганча бошин!
Майсадаги шудринг эмас, йўқ,
Йўқ, гуноҳсиз гулларнинг ёши.
Кекса бўри йигитни искаб,
Ҳайрон бўлиб тикди кўзини.
Йигит шунда бирдан сесканиб,
Бир чеккага бурди юзини.
Ярадорнинг заиф нафаси
Кирди шу чоқ унинг бурнига,
Йўқ, тегмади, бўри бурилиб,
Жўнаб қолди яна йўлига.
Эрта тонгда кишилар келди,
Етар эди йигит ярадор.
Кўзи юмуқ, ҳушидан кетган,
Тузалишга аммо умид бор.
Одамлар-чи, йигит танига
Чўғдай қилиб темир босдилар.
Қийнадилар, азоб бердилар,
Оқ қайинга сўнгра осдилар...
Кишилар қон тўкиб уришар,
Қуритилар мингларча ҳаёт.
Искаб юрартунда бўрилар,
Яқин жойдан улишар бот-бот.
Бўрилар,
Оҳ... лекин бўрилар
Бунчалик ҳам йиртқич-мас улар!
March 1943