Худди эртакдаги юмалоқ ипдай
Чуваланиб кетди ҳаёт сўқмоғим.
Узоқ юрдим; охир қуёш ботганда
Шу юртга келиб, мен чарчаб тўхтадим.
Худди эртакдаги дев подшосидай
Юрт ҳокими чиқди менинг қаршимга.
Белида ойболта, бургут терисин
Телпак қилиб кийиб олган бошига.
Худди эртакдаги темир дарвоза,
Дарвозада кўздай тешик бор эди.
Ҳар кун шу тешикдан қараб туриб дев
Қурбонларин санаб мақтанар эди.
Кабоб пишар бунда ҳар кун бетиним,
Девга юз манқалда одам этидан.
Менинг қора бахтим шу ерда экан
Ажратиб келтирган севган юртимдан.
Эҳ, сиз бувим айтган қўрқинч эртаклар,
Бўлиб ўтганмисиз ҳаётда, йўқми?!
Айтиб бермоқ учун етармикан сўз
Бу юртда мен кўрган ваҳшат, қулликни.
Кайси томонга сен оёғииг боссанг,
Дев қурган омонсиз тузоқ турибди!
Ҳар битта эшикда тутқунлик қулфи,
Ҳар йўлакда ўлим кезиб юрибди.
Шундай тартиб бунда: ақли борларнинг
Болта билан бошин шартта чопарлар.
Эшиклар қаттиқ берк, уйлар ичида
Ёнар кекса она, бола-чақалар.
Девнинг хизматида — қомати букик,
Эрки ва ризқидан ажралган жонлар!
Ўз юртидан ҳайдаб олиб келинган
Хурмо каби қизлар, қанча ўғлонлар.
Юрак йиғлаб ёнар, таниш дўстларнинг
Қонли ёшу, сўлғин юзин кўрган он.
Кўрганларим даҳшат бир эртак каби,
Кечирганим худди оғир тушсимон.
Навбат келар менга; ўлганимдан сўнг
Қўшиғимни аммо такрорлаб куйлар —
Йўл устида тўхтаб мен эркаланган
Сермева дарахтлар, қарағай, гуллар.
Эртакдаги сирли юмалоқ ипдай
Чуваланиб қолди куйим йўлимда.
Излаб келсангизлар мени шу издан
Топажаксиз сўнгги юрак куйимда.
12 декабря 1943