Ишонма

Категория: Поэзия
Сенга мендан хабар берсалар,
„У йиқилди чарчаб“,— десалар,
Иўқ, ишонма, жоним!
Бу сўзни —
Дўстлар айтмас, яқин кўрсалар.
Байроғимга қон билан ёзган
Онтим ундар олға боришга!
Ҳаққим борми ҳеч қоқилишга,
Ҳаққим борми чарчаб-ҳоришга?
Сенга мендан хабар берсалар,
„У Ватанни сотди“ десалар,
Йўқ, ишонма, жоним!
Бу сўзни —
Дўстлар айтмас, мени севсалар.
Юртдан кетдим юртни, сени деб,
Мен курашдим конли ҳар дамда.
Юртни, сени қулимдан берсам,
Нима қолар менга оламда?
Сенга мендан хабар берсалар,
„Муса ўлди энди“ — десалар,
Йўқ, ишонма, жоним!
Бу сўзни —
Дўстлар айтмас, мени севсалар.
Тупроқ кўмар танни, кўмолмас
Ўтли қўшиқ тўлган кўнглимни.
„Ўлим“ дейиш мумкинми ахир,
Енгиб ўлган бундай ўлимни?
20 ноября 1943