Қалбим тўла лаънат ва гина,
Мен кетаман энди жаҳондан.
Онам шўрлик мени беҳуда
Ўстирибди эркалаб жондан.
У бекорга оқ сутин бериб,
Алла айтиб мени тебратган.
Бу дунёга нафрат қарғиш бўлиб
Чиқди у куй энди юрақдан.
Ахир, дунё, азобларингга
Чидадим-ку, ҳолим етгунча?
Чидадим-ку, тоғ каби сабрим
Ёшим билан оқиб битгунча?
Ҳар ҳашарот сувда чўмилди,
Сузди, ичди истагани дам.
Мен эса бу қақроқ лабимни
Ҳўллолмайман сўнгги дамда ҳам
Дўстларим йўқ, дўстлар ўрнида
Кишан қисди менинг қўлимдан.
Қуёш... у ҳам сўнгги минутда
Маҳрум қилди мени нуридан.
Ўламан деб, жимжит қайгурдим,
Кўриб ўлсам, дея қизимни.
Онам қабри, она тупроққа
Қўйиб ўлсам, дея юзимни.
Нега қабрим, зах тюрьма бўлди,
Қонлар ювди ётган ўрнимни?
Ерни қаттиқ севганим учун
Иссиғидан маҳрум бўлдимми?
Дунё, сени Лайлидай севдим,
Мажнун ишқин қалбда яратдим.
Аммо сен-чи, маъсум қалбимни
Ваҳший итларингга талатдинг.
Жудо қилиб она юртимдан
Қаерларга элтиб ташладинг.
Минг ўксиниб йиғлайман, юртим
Тупроғига томмас ёшларим.
Она юртим, ғариб ўғлингдай
Мен ўламан четда термулиб.
Дарё бўлиб ёшларим борсин,
Қоним унсин қизил гул бўлиб.
октября 1943