„Қилич тутиб кирган Қиличдан ўлар‟. Александр Невский.
— Оёғингда, йигит, кўн этик.
Кумуш сопли қилич белингда,
Ҳоргандирсан оғир йўл ўтиб,
Қўниб кетгин менинг уйимда!
Ўраб сени ипак кўрпага
Ухлатарман силаб, эркалаб,
Қон, ёш билан ерни ювишга
Улгурарсан ҳали эртага.
Зап олифта, новча офицер
Ёш жувоннинг сўзин эшитди,
Ҳирси тошиб кетди-да, жаллод
Қаттиқ ёпиб кирди эшикни.
— Сулув жувон, мен сени севдим.
ўзинг, айтгин исмингни.
Топиб келгин товуқ ва ароқ!
Тўшакни сол, еч кийимингни!
Жувон товуқ сўйиб пиширди,
Ароқни ҳам қуйди басма-бас.
Кўзи тиниб бу зиёфатдан,
Кайфи ошиб майор бўлди маст
Бу уйни у ғанимат билиб,
Тортдирди у этигин хуррам.
Ечиб берди майор мундирин,
Кумуш сопли қиличини ҳам.
Майор ётди,
семиз, қориндор...
—Кел, оч, —деди, — қўйнинг — дилдорга
Нақ кўтариб яланг қилични,
Жувон деди шунда майорга:
— Сен хўрладинг менинг еримни,
Сен ўлдирдинг менинг эримни.
Энди яна юрак ҳиссимни
Тайёр ўлжа қилиб берайми?
Ярашса ҳам белингга қилич,
Кутма бугун ёрдамин унинг,
Қилич билан кирдинг юртимга,
Шу қиличдан келар ўлиминг —
Шу чоқ серпаб жувон йиқитди
Бу кўпчиган хамир ботирни.
Кумуш сопли қиличин унинг
Юрагига ниқтаб ботирди.
Тилагига етди бу жувон!
— Типирлама, майор, бас, тинчлан!
Қилич билан кирдинг юртимга.
Ўлиминг ҳам келди қиличдан.