Тўрт гул

Категория: Поэзия
Душман танки йўлини кесиб
Беш пиёда чуқурга ётди,
Граната, шишалар билан —
„Йўлбарслар“ни пойлаб кузатди.
Яқинлашди у ҳашаротлар,
Якка шохли, темир тўшлилар.
Йигитларнинг ўт муштумидан
Йўл четига қулаб тушдилар.
Сакради у „Йўлбарслар" шошиб,
Қўрғошинлар сочиб йўталди.
Чидамади бешовдан бири
„Таслимман" деб қўлин кўтарди.
Қаршисида ётган бир дўсти
Ортдан унга найза қадади.
Хоин ўлди ўз қуролидан,
Чил-чил бўлди ҳаёт қадаҳи.
Душман танки ўта олмади,
Бири келиб тушди чуқурга.
Бешови ҳам шу ерда қолди,
Кетганича сўнгги уйқуга.
Бу қабрлар устида бир кун
Ўтлар ўсар — худди бир эртак.
Тўрттасида тўрт гул очилар,
Бнттасида ўсар тиканак.
Бу қабрга келингиз, қизлар,
Тиканакни бундан юлингиз!
Қучсин элнинг қизил гулларин
Юраклардан тушган нурингиз.
1943