Дори

Категория: Поэзия
Қиз оғриди, бадани ёнли,
Ҳолсизланиб тепар юраги.
Нима қилсин доктор, бу қизга
Ҳеч бир дори фойда бермади...
Ётар эди бемор тўшакда,
Дилда оғир тушлар ваҳмаси,
Эшик очиб, йўл кийимида
Қайтиб келди қизнинг отаси.
Манглайида яранинг изи.
Ва белида сафар камари.
Зориқтирди қизни кўп йиллар
Шу отанинг меҳр-гавҳари.
Таниш юзни кўриб жилмайди,
„Ада!“ дея ўзини отди.
Шу кечаёқ қиздан тер чиқди,
Иссиқ қайтди, у енгил тортди.
Ажабланма, доктор, бу ҳолдан:
Дори ичмай тузалди бемор.
Бил, дунёда „севги“, „меҳр“ деган
Энг қудратли дорилар ҳам бор!
1942