Қорқизи

Категория: Поэзия
Изғирин қиш куни, кун чиқиб бир бор
Қишлоқдаги машҳур „Кумуш тоғи“да,
Ерда аста-секин эриб сўнгги қор
Кўз ёшин оқизиб ётган чоғида,
Шўх болалар тинмай қорда юмалаб
Ва қорбўрон ўйнаб роса тўйдилар.
Шундан кейин қорни бир ерга тўплаб
Бир қизнинг шаклини ясаб қўйдилар.
Кеч ҳам кирди, совуқ қорни қилди муз,
Болалар ҳордилар ва зерикдилар.
Қорқизни тепада қолдириб ёлғиз,
Иссиқ уйларига кириб кетдилар.
Тун бўйи Қорқизни силаб, эркалаб
Эсди кун чиқардан апрель еллари.
Ботир қуёшни ҳам баҳорни мақтаб.
Сирли бир ҳикоя сўзлар тиллари:
— „Сен ҳали билмайсан, деди у, бизнинг
Олов танли, иссиқ қуёш ботирни.
Ҳамма ҳайрон қолар кўриб ол юзин,
Ерни ёндиради ҳуснин ёлқини.“
Қиз ҳам кулиб деди: „Қуёшингизга,
Ёзингизга сира кетмайди эсим.
У ёлқинлар нима қор билан музга,
Қорбека билмайди муҳаббат ҳиссин.
Лбадий совуқмап, ёлқиним бўлмас.
Мен қишнинг эркаси, билмайсанми сен?
Мен муз юраклиман, менга керакмас,
Истаса Қуёшнинг ўзи бош эгсин!“
Кучли ёлқин сочиб қуёш эрталаб,
Кулиб кўтарилди ўрмон ортидан.
Баҳорга чарлади Қорқизни имлаб,
Букет тақдим этди шуъладан, ўтдан.
Имлади шу чоқда дарров Қорқизи,
Ҳаяжонга солди бу нурли эрта.
Ишқ шундай нарсаки, сирли, тилсимли;
У муз юракни ҳам ўпиб эритар.
Қорбека шошилиб баҳорга боқди,
У ўтли қуёшга бўлганди хуштор.
Шамол турди, баҳор тошқини оқди,
Нурларга ғарқ бўлиб товланди муз, қор,
Қуёш ҳам Қорқизни эркалаб, қучди,
Ёндирди шу чоқда оловли қўйни.
Ва Қорбекани у эгилиб ўпди,
Тортди ўзи томон музли куч уни.
Шунда, қизнинг муз қонли лабин
Сеҳрли, яширин ёлқин куйдирди.
Бор ҳиссин Қуёшга берди қиз лекин,
Ариқ-ариқ бўлиб, куйлаб югурди.
Томчилар кўзидан оқдилар эриб,
Бу Қорқизнинг қайноқ севги ёшлари.
У йиғлайди севги баҳорин кўриб,
Ёзилар шамолдан кумуш сочлари.
Қайда, у муз танли мағрур Қорқизи?
Севганин қўйнида у эриб оқди.
Муҳаббат ва ёшлик ўтида қизиб,
Қўшиқ айтиб, чопиб, ҳирс билан боқди.
Оқиб адо бўлди, умрдай худди.
Ерларни юмшатди у сўнг тўккан ёш.
Қўшиқ айтиб оққан ерда гул ўсди,
Гуллар ғунча очди мисоли қуёш.
Муҳаббат, мени сен ёрим қўйнида
Эритгин, ҳисларим тошиб оқсинлар.
Муҳаббат суғорган ҳаёт йўлида
Гуллар, худди тонгдай яшнаб балқсинлар.
4 декабря 1943