Бола уйқуси

Категория: Поэзия
Оқ момиқ ёстиқ
Ичра кўмилиб
Ухлар, кўз тўймас
Унга термулиб!
Роҳат дам олар
Эрка, ёш кўнгил.
Барқутдай лаби
Бир озгина ҳўл.
Бетлар — қўш олма.
Беғубор бирам.
Ипак сочлари
Тердан бўлган нам.
Йўргакларини
Тепиб туширган.
Қоши — уч-тўрт тук,
У ҳам чимирилган!
Хушбўй — муаттар.
Унинг қучоғи.
Кўйнида ҳамон
Севган қўғирчоғи.
„Тиқ‟ этган сас йўқ —
Уй ичи сокин.
Ҳар ким сўзлашар
Пичирлаб секин.
Ҳай, секин! полда —
Тақиллаб юрманг,
Ухласин тўйиб,
Уйғота кўрманг!
Уйда уч пашша
Кўринди, дарҳол
Қувдилар уйдан
Елпитиб рўмол.
Боқинг, нақадар
Ёқимли, лазиз;
Ҳатто уйқуси
Онага азиз.
11 декабря 1943