Ошиқ ва сигир

Category: Poetry
Гуллар тердим, уни ранг-баранг
Бойлам қилиб бердим ёримга.
Кўрсин қалбим, бахтим, эркимни
Топширганим ихтиёрига!
Қандай хўрлик, ёрим гулларни
Деразадан отибди тишга.
Еб қўйибди гулни сигири,
Қандай чидаш мумкин бу ишга?!
Ошиқ сўзин эшитиб сигир
Ажабланиб бошини чайқар:
— Мен ҳайронман, дер, бу ошнққа,
Қараб турсанг—одамга ўхшар.
Тушунмасдан аҳмоқ сабабин,
Жаҳли чиқиб сўкинар нега?
Еган бўлсам унинг гулларин,
Сут бераман севган ёрига.
Сутим билан юзлари қизил,
Тоза, тиниқ унинг дилбари,
Тани юмшоқ, тишлари оппоқ,
Янги соққан сутим сингари.
Уйлаб кетди ошиқ...
— Нима гап?
Нега тергай у жониворни?
У ҳар куни, қирдан ўтлар еб,
Қаймоқ билан сийласа ёрни!
Гулим бўлсин сигирига ем,
Кўнглим севмас бошқа ҳеч кимни.
Менга шунинг ўзи бахт, эркам
Қаймоқ қилиб ичсин ишқимни...
Ошиқ шундай юпанди...
Ҳозир
Гул тергани бораркан қирга,
Қизга эмас, гулни келтириб
Едираркан ҳар кун сигирга.
1943